UzBender.Ru | Super Portal

Izlash
Ҳамдам ота кутилмаганда
юрак хуружидан вафот этди.
Нонуштадан кейин ўрнидан
қўзғалдию чапга қараб оғди.
Гапиришга ҳоли етмай,
кўксини силаб, гилам устига
"гурс” этиб қулади-да, даҳшат
қоплаган кўзларини юмди.
Қон қочган юзида
"Ишларимни охирига
етказолмай ўлиб
кетарканман”, деган афсус
яширинганини нариги
кўрпачада ўтирган Сора хола
сезмай қолди… Сезган бўлса
ҳам такаббурлик қилиб
индамадими – тушуниш қийин
эди...
Жаноза соат ўн иккига
белгиланди. Тумонат одам
йиғилди. Ҳовлини иккига
ажратиб турган бўз мато
ортида отанинг сингиллари,
жиянлари, қўни-қўшнилар ва
бошқа аёл қариндошлар йиғи
солишар, овозлар ичида якка
қизи Шоҳиданинг айтиб-деб,
афсус-надомат билан
бўзлаши баралла эшитилиб
турар, саф тортган эркаклар
қалбида ғалати бир
маҳзунлик, титроқ уйғотарди.
Азага келган хотинлар
қизнинг йиғисини ҳасрат ва
ҳавас билан кузатишарди.
"Менинг қизларим ҳам
шундай донолик, фаросат
билан йиғлармикин?” деган
умид ўтарди кўнглидан.
Қизнинг қайноқ кўз ёшлари,
овозидаги ҳазин тошқинлик,
куйиш беихтиёр азага
келганларда ҳамдардлик
туйғусини уйғотарди.
"Отажоним, меҳрибоним,
соябонимдан айрилиб
қолдим. Уйим-жойим деб
ёнган падари бузрукворим
мени ташлаб кетдилар. Энди
қаерга бораман? Кимга арз
қиламан?”
"Отажон, наҳот менинг
бахтимни кўролмай
кетдингиз? Наҳот ёлғиз
қизингиз куйиб қолишини
ўйламадингиз?”
Шоҳида ота учун куйиб-
ёнаётганининг бошқа
сабаблари ҳам бор эди...
Эркаклар ёнида йиғламсираб
турган икки ўғил – Адҳам
билан Акрам сингилнинг
овозини эшитиб қизарар,
кўзидан ёш келмаганига
уялар, изза тортар,
орсизликдан ўзини қўярга
жой топишолмасди. Чин
юракдан йиғласанг, сўқир
кўздан ёш келар, деган
мақолни эслаб қўйишса-да,
бир томчи ёш келмагани
алам қиларди. Ҳатто
Шоҳидага бунча йиғи, кўз ёш
қаердан келаётганига
ҳайратда қолишарди... Фақат
қўл телефонлари сайраб
қолганда четроққа ўтиб бироз
нафас ростлашар, тупуги
билан киприкларини намлаб
келишарди. "Тезроқ жаноза
ўқилса-ку, мозорга чиқиб
кетардик!” – икковининг
кўнглидан ўтаётган бу фикр
қўлга тушган ўғри боланинг
қочиб кетиш билан боғлиқ
ниятидай кўзларида балқиб
турарди.
Аммо сабр-тоқатни синовдан
ўтказаётган вақт имиллаб
ўтар, юракларини зардобга
тўлдирарди. Ҳар бир
дақиқада улар емирилиб,
тўкилиб, нотавонлашиб
бораётганга ўхшарди. Нола
қилаётган Шоҳида эса алам
ва зардобларини қайноқ
ёшларию ҳасрат тўла сўзлари
билан юрагидан чиқариб,
енгил тортарди. У оҳ урар,
тоғдай суянчиғидан жудо
бўлганига чидаёлмас эди…
Maqola nomi : Otadan avval o'lgan o'g'illar
Vaqti : 27.04.2014|22:38
Ko'rilgan : 1345
Muallif : Bender
» Java kitob
» Text
Reyting(+/-): 281/234
Reyting
Bosh sahifa » Hikoyalar
Maqola o'qiypti :23 kishi
© Powered by Bender | Pro
Яндекс.Метрика