UzBender.Ru | Super Portal

Izlash
Ассалому алайкум, онажон, мен келдим. Ташвишланманг, қочиб келмадим, ҳамма дарсларимни тўлиқ ўқиб қайтяпман. Оналар дадалар сингари ташвишланишадими-йўқми, билмайману, кеча синфдошим Зуҳра: "Бир соат дарсдан қолсамам, онам урушиб берадилар”, деб қолди. Шунга айтяпман.
Ўтган ҳафтада ўқитувчимиз: "Ўнг қўлимда ўйинчоқ, чап қўлимда чақалоқ”, деб ўнг ва чап томонни ажратишни ўргатди. Энди билиб олдим, онажон, оғриётган томоним қайсилигини. Олдин келганимда мана бу жойим дердиму, қайси томонимлигини айтолмасдим. Чап томоним оғрир экан.
Ҳар куни оғрийди, кечаям... Азизанинг сочларини онаси чиройли қилиб ўриб қўйибди, мактабга бирга олиб келди. Қўнғироқ чалингач, Азизани: "Борақол, қизим”, деб юзидан ўпиб қўйди. Мен эса... йиғладим, онажон, йиғлайвердим. Ўқитувчимиз нима бўлганини сўради. "Йиқилиб тушдим, оёғим оғрияпти”, дедим. Аслида чап томоним оғриётганди, онажон...
Бугун мен ҳам сочимни ўрдиришни хоҳладим. Дадам айтганимни қилдилар, аммо... Азизаникига ўхшамади. Йиғладим: "Мактабга бирга олиб борасиз”, дедим. Бечора дадам, ишга кеч қолдилар, лекин мени мактабга ташлаб кетдилар. Барибир хўрлигим тарқамади...
Кеч тушяпти, кетишим керак. Бу ерга ҳар куни келиб-кетишимни дадам билмайдилар. Билсалар ҳам жаҳллари чиқмайди, биламан, аммо хафа бўладилар, эзиладилар...
Сиз билан шундай сўзлашгим келади, онажон! Буниям йўлини топдим, ҳеч ким билмасин, ёстиғим остида турадиган суратингиз билан сўзлашаман. Юзимни суратингизга босаман. Мен кўра олмаган, жудаям соғинган юзларингизга юзимни босгандек...
Бугун ҳам тушимга киринг, онажон. Сиз тушимга кирмаган тун тонгда чап томоним оғриб уйғонаман. Энди борақолай, дадамниям келадиган вақтлари бўпқолди. Айтганча, эртага оналар ҳақида ҳаммамиз билганларимизни ёзиб боришимиз керак. Мен дадамга ёздираман. Ўқитувчимиз билиб қолса, жаҳли чиқади. Аммо менам нима қилай, онажон, сизни ҳеч кўрмаганман-ку! Фақат соғиндим деб ёзаманми?!
Ростдан ҳам сизни жуда соғиндим, онажон. Тушимга киринг, эрталаб яна чап томоним оғриб уйғонмай... Эртага яна келаман, онажон, соғиниб-соғиниб келаман...
Maqola nomi : Sog'indim Onajon
Vaqti : 26.04.2014|19:31
Ko'rilgan : 1294
Muallif : Bender
» Java kitob
» Text
Reyting(+/-): 324/218
Reyting
Bosh sahifa » Hikoyalar
Maqola o'qiypti :24 kishi
© Powered by Bender | Pro
Яндекс.Метрика