UzBender.Ru | Super Portal

Izlash
Рус ёзувчиси Лев Толстой қаҳрамонларининг бири: "Устига номим ёзилмаган ўқ менга тегмайди”, деган экан. Бу жумла доим ўзгармас илоҳий тартиб – тақдири азални ёдимга солиб туради ва унга бўйсуниб яшашга ундайди. Аммо, яшириб нима қилдим, доим ҳам шундай яшашга қалбнинг "кучи” етавермайди. Баъзан тақдир қилинган соатдан олдин галим келмаслигини билсам-да, турнақатор навбатга суқилиб кирганлар билан жанжаллашаман. Гоҳо, шу неъмат насиб этмаслиги азалда битилганини англаганим ҳолда, бирор нарсага эришолмасам, жаҳлим чиқади. Яқинда бир воқеа содир бўлди-ю, ҳар дақиқадан ҳикмат излашга интиладиган, тақдиримда битилганига рози бўлиб яшашга ҳаракат қиладиган бўлдим.
Дўконда одам кўп эди. Мен ҳам навбатга қўшилдим. Аммо шу пайт бир аёл шошиб кирди-да, мени туртиб олдинга ўтди. Жаҳлим чиқди, аммо ўзимни қўлга олдим. Аёл сотувчи йигитдан сабзи сўради. Аммо бошқа харидорга хизмат кўрсатаётган йигит банд бўлгани учун жавоб бермади. Шу пайт ташқаридан оқ халат кийган бошқа сотувчи кириб келди. Бояги аёлнинг таниши чоғи, ҳол-аҳвол сўраб, сабзавотлар растасига бошлаб келди. Айни аснода пештахта ортидаги сотувчи йигит менга юзланди:
– Келинг, сизга нима берай?
– Бир кило сабзи беринг, сариғидан.
– Бир кило чиқмайди, ҳаммасини тортиб беравераман-да!
У менга сабзи тортаркан, пештахта ортига ўтган нариги сотувчи елим халталардан бирини олиб, бояги аёлга савол назари билан қаради.
– Сариқ сабзи! – ҳукмрон оҳангда гапирди аёл.
– Сариғи қолмабди-ку, Мунира опа. Қизили бўлмайдими?
– Йўқ! – дея аёл жаҳл билан менга қаради. Худди мен унинг навбатини олиб, сабзисиз қолдиргандек. Яна қўполлик билан мени туртиб ўтди-да, танишига хайрни ҳам насия қилиб ташқарига отилди. Унинг қилиқлари кўнглимга оғир ботди. Аммо яна куч билан ўзимни тутдим. Аниқроғи, қалбимда жилолана бошлаган ҳикмат нури менга бир сирни шипшиди: Аллоҳ сенга буюрган нарса уруш-жанжалсиз ҳам сеники бўлади. Пешонангга ёзилмагани учун эса беҳуда жон куйдирма!
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганим – ҳаётингизда содир бўлган ҳар ишга ҳикмат назари билан қаранг. Шунда яшаш анча осон кечади. Фарзандингиз тўкиб юборган бир пиёл мой учун асабингизни бузиб, ўзингизни қийнаманг. Демак, у сизга насиб қилмаган. Бировнинг масъулиятсизлиги ёки бепарволиги сабаб амалга ошмаган режангиз учун айбдорни қарғаб, гуноҳга ботманг. Бу ишингизнинг битиш соати бошқа пайтдга тақдир қилинганини ўйланг.
Шундай яшай олсак, унча-мунча кўнгилхиралик, асаббузарликдан йироқ бўламиз. Энг асосийси, Ҳақ таолонинг тақдирига розилик билан бўйсунганимиз учун чексиз савоб қозонамиз, иншаоллоҳ!
Maqola nomi : Taqdirga Tam Berish
Vaqti : 26.04.2014|19:31
Ko'rilgan : 1307
Muallif : Bender
» Java kitob
» Text
Reyting(+/-): 302/215
Reyting
Bosh sahifa » Hikoyalar
Maqola o'qiypti :21 kishi
© Powered by Bender | Pro
Яндекс.Метрика